Жондор туманида аёл хориждаги эрига жаҳл қилиб, 3−4 ёшли қизларини калтаклаганди. Болалар омбудсмани болаларда жароҳат аниқланмагани ва унга нисбатан жарима қўлланганини билдирди. Аёл «фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи она» сифатида рўйхатга олинди.
Жондор туманида аёл хориждаги эри уларнинг ҳолидан хабар олмаётгани ва етарлича пул жўнатмаётганидан жаҳли чиқиб, 3−4 ёшли қизларини калтаклади. Бухоро ИИБга кўра, ҳолат бўйича тергов бошланди ва суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганмоқда.
Тойлоқ туманида эркак 6 ёшли болани камар билан калтаклаб, мушт туширди. Болада жароҳатлар аниқланиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Эркак руҳиятида ўзгаришлар борлиги туфайли шифохонага ётқизилди.
Тошкентда 31 ёшли эркак иккинчи хотинининг 11 ёшли қизини мунтазам зўрлаб келганликда гумонланмоқда. Қонуний никоҳидан 5 фарзанди бўлган эркакка нисбатан жиноят иши очилди.
Шофиркон туманида боласини икки йилдан буён калтаклаб, қийнаб келган аёл 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 6 ёшли болага васий тайинланиб, унга топширилди. Болалар омбудсмани аёлни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи ҳам кўрилаётганини билдирди.
Тармоқларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида 7-синфда ўқийдиган қиз мактаб директорининг уйида тазйиқ остида қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолат назоратга олинганини, туман ИИБ текширув ҳаракатлари олиб бораётганини маълум қилди.
Бухорода 15 ёшли бола онаси унга доимий тазйиқ ўтказиб келиши, отаси эса алимент тўламагани сабаб озодликдан маҳрум қилинганини айтиб, болалар омбудсманидан ўзи ва синглисини онаси қарамоғига бермаслик бўйича амалий ёрдам сўради. Ҳолат ўрганилгач, болаларга бувиси васий этиб белгиланди.
Тармоқларда бир эркакнинг боласини турли шаклда қийнагани акс этган видео тарқалди. Болалар омбудсмани унинг ҳаракатларини ғайриинсоний дея атаб, эркакка нисбатан қийнаш ва ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш айблови бўйича жиноят иши қўзғатилгани маълум қилди.
Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликнинг 78 фоизи бегоналар, 14 фоизи ота-оналари, қолгани қариндош ва танишлари томонидан содир этилмоқда. Прокурор Лайло Файзимуродованинг таъкидлашича, нафақат зўравонлик қурбони, балки воқеага гувоҳ бўлган ва руҳий жабрланган болалар билан ҳам ишлаш керак.
Урганчдаги меҳрибонлик уйининг зўравонликка учраган 3 тарбияланувчиси ҳимояга олинди. Президентнинг қизи Саида Мирзиёева улар хавфсизликда эканини билдирди. «Барча даражадаги зўравонликка қарши мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди», — деди ва ОАВ ҳамда фаолларга миннатдорлик билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг